Ҳали уйланмаганман. Аммо “олахуржун” бўйнига илинган, биринчи
фарзанддан кейин “оғирлашиб” қолган дўстларим қисматидан англайманки, “осонмас
бу майдон ичра турмоқ”.
Яқинда қишлоқдош ошнам телефон қилиб, Кавказга қайтаётганини
айтди. Албатта, ишлаш учун... охирги гал кўришиб суҳбатлашганимизда, тўнғичи
катта бўлиб қолгани, ота-онаси келин икковларини қийин-қистовга олишаётгани ва
“нишона” бўлиши билан ортга қайтишини айтганди...
Балли, азамат!
Энди мулоҳаза қилиб кўрсам, бир пайтлар кўрганим Ҳинд диёри тўғрисидаги
ҳужжатли фильм кадрлари тахайюл қатларимга ўрлайди. Унинг хулосаси шуки,
“сеҳрли диёр”да туғилишнинг катта қисми “ёмғирлар мавсуми” ҳосиласи экан: ишлар
тўхтаган, мигрантлар уйга қайтган, эркаклар уйда...
Қиёсан олинса, бизда ҳам шунга ўхшаш: тўй. “Нишона”. Сафар. “Ўғлинг
юряпти, болам, бир келиб кет!”. Яна “нишона”. Тағин сафар...
Ҳа, уйланиш, оила боқиш ҳазилакам иш эмас!
...Онам қизларини узатди-ю, ёлғизланиб қолди. Кўнглида келин ташвиши
(фақир эса ҳали-вери уйланишга бўй берадиган эмас). Кунора тўқсон билан
тўқнашган бувимиздан ҳол сўраб қайтади, ўзини овутиб.
Бир куни онамни кўчадаги гурунгкаш хотинлар тўхтатиб, гап олган
бўлишибди: “Вой, опа, шунча гапни қандай ичизга сиғдириб юрибсиз-а?! Ўзи қачон
айтаркин, деб роса кутдик. Президентга қуда бўлаётган экансиз?! Фалончи шоира
опамизнинг (қишлоғимиздан чиққан) қизини Президент келин қилаётган экан.
Ўғлизга яхши ўқигани учун Президент қизини бераётганмиш... Айтиб, суюнчи олишни
ҳам билмайсиз мундай, опа!”
Тасаввуримча, содда онам ўшанда беозоргина кулган, кейин “Аллоҳ насиб
қилса!” деганда, қалбида янги умидлар ғалаён кўтариб, уйга қайтган.
Эҳ, бу заифалар ўз юртбошининг таржимаи ҳолини қаёқдан билсин?! Акс
ҳолда, иккала миш-мишнинг ҳам “миси” аллақачон чиққан бўларди. Онам менга
“хушхабар” билан сим қоққач, ортиқча сўз айтмай, Президент таржимаи ҳоли билан
таништирдим-қўйдим...
Бундай гапларнинг кўкка ўрлашига, бир томондан, бугун тилга, кўзга
тушиб қолган етти ёшдан етмиш ёшгача илғорларни жаноб Президент “қуруқ” қўймай,
камида мошина билан сийлаётгани бир сабаб.
Бошқа томондан (бу фақат ва фақат бизнинг қишлоқ томондан) қаралса,
юртбошининг қадами етиб, кун сайин эмас, соат сайин “обод-у бой” бўлиб
бораётган шаҳару қишлоқлар ҳаваси бизникиларни шунга илҳомлантирган. Умидбахш,
ташвишлар занжирини узувчи, ҳалоскор бир орзуга... “Бизда қачон шундай
бўларкин?” деган оғир саволни нигоҳлардан юлиб отувчи орзуга...
Билишимча, мен ҳақимдагиси бунақа гапларнинг биринчиси ҳам, охиргиси
ҳам эмаскан:
“Президент 9 май арафасида қишлоғимизга келаркан. Олтинчи кўчадаги (бизда
маҳаллалар шунақа рақамланади) қабристонда дуойи фотиҳа қилиб, уни бутун
республикага намуна қилиб кўрсатаркан”.
“Иккинчи кўчада Президентимизни курсдоши яшаркан. Тошкентдан чемпион
бўлиб келган эшон маҳаллалик қиличбоз болага: “Яқинда ўша курсдошимни кўргани
бораман. Ўшанда сениям тақдирлаб, мошина бераман”, дебди”.
Қаранг, қандай яхши гаплар. Қанчалик орзиқиб кутилаётган ишлар...
Йўқ,
буни сираям айб санаб бўлмайди! Айбситишга на-да менинг, на-да бошқанинг ҳаққи
бор! Бунга қора қозонни қайнатишга ундаётган мотив деб қарай қолайлик.
Афсуски, қишлоқдошларимга умид улашиб турган бу нав гапларнинг вақт
ўтган сари “чўғи” камайиб, ўзини оқламаганлари тилдан тушиб, эътибордан
қоляпти.
Ўзимча буларнинг сабабини излайман: қишлоғим одамлари жуда гўл ҳам
эмас, ҳар учинчиси яқин эмас, узоқ эмас, нақ Россияга камида икки марта чиқиб
келган – дунё кўрган...
Электр токи-ю газсиз ҳам қаҳратонда қандай қишлаш сабоғини
ўзлаштирган...
Ариқдаги сувни бир “суф” билан “тозалаб” ола биладиган омилкор...
Атроф-муҳитни “заҳарловчи” саноатнинг қадами етмагани важидан ўта тоза
ҳавода нафас олади (буни ҳатто “Заковат” дегич телеўйинда савол қилиб ҳам
беришган)...
Чегара ҳудудлиги бир томон... Ишсизлик… Туманда ишлаб чиқаришнинг
(саноат) ҳиди ҳам йўқ... Қадим Эрши (ўша машҳур қон билан терловчи отларнинг
ватани Даван пойтахти) харобаларини тузукроқ “ремонт қилиб”, кўримли
туристик марказга айлантириш эса бировнинг хаёлига ҳам келмайди... ҳарна
даромад-да бу ҳам.
Ҳар сафар (олти-етти ойда бир) уйга борганимда, тенгқурларни
сўратаман: униси Россияда, буниси Қозоғистонда, яна бошқаси Кореяда...
Бунақа “йўқ-йўқ”лар ичида яшаш...
Ҳа, қишлоқдошларим бало! Улар шу “йўқ-йўқ”лар
ичида қандай яшашни, эртанги кунга қандай умид билан қарашни билишади, ҳар
тугул!
“Бунчалик эмасдир?” дейсизми?! Ўйлаб кўрай-чи... Ҳа, ростдан ҳам
унчалик эмас экан: туманимиз маркази, ишонсангиз, сомса марказига айланган, хўрандадан сомсахона кўп, яқин-узоқдан сомсасуярлар оқими тинмайди. “Марҳаматнинг
сомсаси” тилларда достон. Ҳеч бўлмаса, “сомса туризми”ни ривожлантириш мумкин
экан-а, нима дейсиз?
Эски авлод тумандаги турғунликни 90-йиллардаги сайловлар билан боғлаб, ёш
болаларга чўпчак айтиб юришади. Эмишки, бизникилар мухолифга овоз бериб
қўйишган. Буям бир гап-да. Келинг, уни ҳам айб демайлик!
Янги авлод эса кимга овоз берганини яхши билади ва энди туманда ҳукм
сураётган тушкун кайфият ўзгарган... яхши томонга – бизникилар кутишмоқда...
ўзгаришларни...
Шунақа гаплар.
Ҳар куни онамга телефон қилиб ҳол-аҳвол сўрайман. Гап орасида ярим
кўнглини кўтариш учун ҳазил қилган бўламан:
“Онагинам, кўчадаги хотинлар нима дейишяпти?”
Мийиқларида кулгининг қадами эшитилади:
“Сени Президентга куёв бўлади!” дейишяпти.
Комментарии
Отправить комментарий